Меҳр ва шафқат

Ислом таълимотлари билан ҳаёт кечиришни даъво қилган мусулмон инсон меҳр ва шафқат соҳиби бўлади. Чунки динимиз шунга буюради.

عن جرير بن عبد الله قال  : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم ( لا يرحم الله من لا يرحم الناس ) (صحيح البخاري، صحيح مسلم)

Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Инсонларга раҳм қилмаган кимсага Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди” деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Аллоҳ таоло Тавба сурасида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни таърифлаган:

لَقَدْ جَاءكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ

Яъни: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”. (128)

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу оятда Аллоҳ таолонинг исмларидан иккитаси билан сифатланганлар – Рауф ва Раҳим (بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ). Абу Баракот Насафий мазкур оятнинг тафсирида ёзади:

قيل : لم يجمع الله اسمين من أسمائه لأحد غير رسول الله صلى الله عليه وسلّم

 “Аллоҳ Ўзининг исмларидан бирдан иккитасини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқасига жам қилмаган”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатан ўта шафқатли ва меҳрибонликларида бутун башариятни лол қолдирадиган даражада ибрат бўлганлар.

Макка фатҳ қилинганида душманлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг интиқом олишларига бегумон ишонишган эди. Бироқ олийжаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни шу қадар афв қилиб кечириб юбордиларки,  ҳатто уларга қараб:

  • Нима деб ўйлайсиз, мен сизларга нима қилишим ҳақида? – деб сўраганларида улар:
  • Яхшилик! Марҳаматли биродарлик! Марҳаматли қариндошлик! – деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам башарият тарихида кўрилмаган лутф ва олийжаноблик намоён қилиб уларга:
  • Бораверинглар! Озодсизлар! – деб марҳамат қилдилар.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ