Холид ибн Валид номидаги жоме масжиди.
Республикамизда илк бора Истиқлол эпкинлари эсишни бошлаган даврларда диний ва миллий қадриятларимиз тиклана бошлади. Ўтган аждодларимизнинг кўзлари ёшларга тўла гирён ҳолда қилган дуоларининг ижобатларини кўришлик уларнинг бахту саодатга етишган фарзандлари – Мустақил Ўзбекистон фуқароларига насиб этди. Соф Ислом ақидалари қон-қонига сингиб кетган халқимиз узоқ йиллар мобайнида интиқиб кутган дамларига етиб келдилар. Шўро даврида маҳрум бўлинган маънавий меросларига эга бўла бошладилар.
Ҳақ Субҳонаҳу ва Таоло Ўзининг бандаларига охиратнинг бахту саодатига етказгувчи неъматларининг дарвозасини очиб қўйди. Ана шундай неъматларнинг бири – Асака шаҳрининг кўрки ва фахри бўлиб турган, Истиқлолимизнинг тенгдоши – марказий жоме масжиди бугунги кунда минглаб намозхонлар учун қулай ва замонавий ибодат ўрни бўлиб турибди.
Асака шаҳрининг энг гавжум ва марказий ҳудудида жойлашган «Холид ибн Валид» жоме масжидига 1991 йилда асос солинган. Аниқроғи – 1991 йил апрел ойининг 23-кунида пойдеворининг ўрнига қозиқ қоқилган.
Қурилиш ишлари Асака тумани халқининг ҳашар йўли билан барпо бўлди. Бу шарафли ишларда туманнинг ҳар бир гўшасидан минглаб мусулмонлар муносиб ҳиссалар қўшдилар.
Масжид 2004 йилда расмий рўйхатдан ўтиб ўз фаолиятини бошлади. Масжидни ўша пайтда Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг Андижон вилоят вакили лавозимида ишлаган вилоят бош имом хатиби Иминов Абдумухтор ҳожи домла 2005 йилга қадар бошқариб турди.
2005 йилдан бошлаб шу кунгача Аллоҳ таолонинг инояти ва кўпчиликнинг дуоси билан масъулиятли ва шарафли вазифани сидқидилдан адо этиб, туманимиз мусулмонларига шариат аҳкомлари, Ислом динининг юксак маънавий маърифий ахлоқ одобларини етказиб беришга ҳаракат қилиб келмоқдамиз.
Ўтган 13 йил давомида замонавий жиҳозланган ҳожатхона ва таҳоратхоналар ишга туширилди. Хонақоҳ саҳнига мармар ётқизилди. Масжидда ҳозирга қадар тинимсиз равишда қурилиш ва қайта таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Масжиднинг майдони – 2 400 кв.метр.
Кунлик баш вақт намозга 400 нафар атрофида жамоат намозга келади. Жума кунлари 6 000 дан зиёд фуқароларимиз намоз ўқийдилар.
Масжиднинг номи машҳур саҳобий, донғи кетган моҳир саркарда Холид ибн Валид номига қўйилган.
Илму фан ва тараққиёт мислсиз ривожланган бугунги куннинг талаби ҳар доимгидан ҳам ўзгача. Мамлакатимиз фуқаролари Республикамиз равнақи, маданияти ва, айниқса ободонлаштириш тадбирларига муносиб ҳисса қўшиш учун саъю ҳаракат қилиб турган бир пайтда туманимиздаги масжидларда ҳам энг замонавий кўринишдаги қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шу йилнинг феврал ойида бўлиб ўтган республикамиз миқиёсидаги Қуръони Карим тиловати бўйича мусабақанинг ҳудудий босқичи масжидимизда муваффақиятли ўтказилди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, Аллоҳ таолонинг инояти билан муборак Рамазон ойининг кириб келиш арафасида масжидимизнинг веб-сайти www.tavhid.uz ишга тушмоқда. Ушбу саъйи-ҳаракатлар самарали ва бутун мусулмон оммаси учун фойдали бўлишини Аллоҳдан сўраймиз.
Муаллиф: Шаҳобиддин Парпиев, масжид бош имом-хатиби.
