Муфтий ҳазратларининг масжидимизга ташрифлари

Рамазон шукуҳи барча мўмин-мусулмонларни баҳраманд этаётган муборак ойда вилоятимизда меҳмон бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов куни кеча шаҳримиз аҳлини ушбу фазилатли кунлар билан муборакбод этиш учун «Холид ибн Валид» жомеъ масжидимизга ташриф буюрдилар. Муфтий ҳазратлари масжидга таровеҳ намозини адо этиш учун келган минглаб намозхонлар сиймосида шаҳримиз барча ахолисини Рамазон билан табриклаб, юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тўғрисида сўз юритдилар. Хусусан Муфтий хазратлари диний бағрикенглик ҳамда тенглик тамойилларига асосланиб қурилган жамиятимизда пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини таратиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам беришга қаратилган ислохотларни тарғиб қилдилар ва кенг жамоатчиликни ҳозирда юртбошимиз томонидан жорий қилинаётган авф сиёсати тўғрисида тушунчалар бердилар ҳамда йиғилганларни мусофирчиликда юрган яқинларига ушбу ислоҳотлар тўғрисида хабардор этишларини сўрадилар.

Юртимиз шуҳратини халқаро майдонларда танитишга қаратилган оқилона ислоҳотларнинг орқасида турган муҳтарам юртбошимиз томонидан муборак динимиз равнақи йўлида олиб борилаётган улкан ва хайрли ишларида Аллох Таолодан ўзи ёрдамчи бўлишини сўраб дуо қилдилар. Сўзларининг якунида Муфтий хазратлари мўмин-мусулмонларга Рамазон ойининг файзу-таровати, Рамазонннинг ҳақиқий завқи – Қуръон тиловатидан баҳра олиб, Рамазон ойиниг ҳар бир куни, ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, кўпроқ савобли ишларни бажаришга чақирдилар. Шундан сўнг муфтий ҳазратлари жамоат билан биргаликда таровеҳ намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратларининг вилоятимиз бўйлаб сафарлари давом этмоқда. Ушбу шарафли ва масъулиятли ишларида муфтий хазратларига Аллох Таолодан барокатли умр, сиҳат-саломатлик, ғайрат-шижоат, узоқ йиллар давомида халқимиз хизматида бардавом бўлишларни сўраб қоламиз.
www.tavhid.uz сайти учун маҳсус тайёрланди.